Ўзбекистон ва Россия Президентлари кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканини таъкидладилар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Россия етакчисини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва катта муваффақиятлар, дўст Россия халқига эса тинчлик-осойишталик ва бардавом равнақ тилади.

Президент Владимир Путиннинг замонавий Россияни барпо этишдаги тарихий роли ҳамда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшаётган шахсий ҳиссаси қайд этилди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ва саноат кооперацияси кўлами муттасил ошиб бормоқда, жумладан, Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи корхона ва банклари иштирокида янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. «Спутник V» вакцинасини биргаликда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувлар давом этмоқда: қайта тикланган Тошкент кинофестивали доирасида ўтган ҳафта Россия киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди.

Бундан ташқари, яқинда пойтахтимизда Россияда таълим олишга бағишланган кўргазма ташкил этилди.

Президентлар бўлажак кўп томонлама тадбирлар режасини кўриб чиқдилар.

Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди.

Мамлакатларимиз етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек илиқ, самимий ва дўстона руҳда ўтди.