Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонга борди

2021-йилнинг 7-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Aфғонистон муваққат ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Aбдул Кабир бошчилигидаги Aфғонистон раҳбарияти вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Учрашувда Aфғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари A.Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этди.

Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Aмирхон Муттаки билан алоҳида музокаралар олиб борилди.

Томонлар мамлакатдаги мавжуд вазият, Aфғонистон халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Aфғонистон муваққат ҳукумати аъзолари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга афғон халқининг орзу-интилишларига қаратаётган улканэеътибори, озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик билдирди.

Aфғонистон томони Ўзбекистон Президентининг Aфғонистон янги ҳокимияти билан конструктив ва ўзаро мақбул мулоқот ўрнатишга қаратилган сиёсатини, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Aфғонистоннинг хориждаги музлатилган активларига нисбатан қўйилган чекловни олиб ташлаш чорловини юқори баҳолади.

Aфғонистон делегацияси аъзолари Ўзбекистон ҳукуматига “Мозори-Шариф” халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон – Aфғонистон чегарасининг узлуксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоқлари ва “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.

Aфғонистон томони ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилди.

Биродар Ўзбекистон хавфсизлигига Aфғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги расмий Кобул томонидан қатъий билдирилди.