Навалний сўз эркинлигини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Германия мукофотига сазовор бўлди

Алексей Навалний сўз эркинлигини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари учун кураш ва демократияни ҳимоя қилишдаги ҳиссаси учун Германиянинг М100 Медиа мукофоти билан тақдирланди. Тақдирлаш маросими 6 октябрь оқшомида бўлиб ўтди.

Навалний ўрнига мукофотни унинг шериги Леонид Волков олди. М100 Медиа мукофотини топшириш маросими Потсдамда бўлиб ўтди ва уни YouTube орқали кузатиш мумкин бўлди.

М100 Медиа мукофоти 2005 йилдан бери бериб келинади. Мукофот лауреатлари орасида “Чегарасиз шифокорлар” ташкилотининг асосчиси Бернард Кушнер, украиналик сиёсатчи Виталий Кличко ва “Дожд” телеканали бош директори Наталя Синдеевалар ҳам бор.

Алексей Навалний 2021 йил бошидан буён инсон ҳуқуқлари бўйича бир қанча нуфузли мукофотлар билан тақдирланган. Хусусан, у Инсон ҳуқуқлари ва демократия учун Женева форуми мукофоти, Борис Немцов жамғармаси мукофоти ва Полша эркинлик рицари мукофоти лауреати бўлди.