Жанубий Кореяда тўрт метрли робот синовлардан ўтди

Hankook Mirae Technology (Жанубий Корея) муҳандислари “Аватар” ва “Матрица: Инқилоб” фильмларидаги жанговар роботларга ўхшаш тўрт метрли роботни синовдан ўтказдилар. У ўта оғир шароитларда ишлаш учун мўлжалланган.

Робот Method 2 деб номланди. Ушбу робот техник жиҳатдан кучли экзоскелет бўлиб, бошқарув кабинасидаги учувчи машинанинг оёқ-қўлларини бошқаради. Роботнинг “қўллари” тахминан 130 кг тош босади.

Ҳозирда Method 2 қувват кабели билан ишлайди.

Роботнинг афзалликлари қаторида операторнинг мустаҳкам металл капсула ичида ва қаттиқ ҳимояланган муҳитда ишлаши, шу билан бирга, манипуляторлар ёрдамида оғир юкларни кўтариши, инсон учун мураккаб ҳисобланган махсус ускуналарни ушлаб, ишлата олишини санаб ўтиш мумкин.

Method 2 нима мақсадларда қўлланилиши ҳозирча аниқланмаган. Эҳтимол, бу бошқа роботларнинг кейинги ривожи учун синов намунаси бўлар. Бироқ, мутахассислар ўз роботларига ишлаб чиқариш ва қурилишдан тортиб кўнгилочар фаолиятларга қадар турли соҳалардан сўровлар олганини айтишмоқда. Албатта, ҳарбийлар ҳам бу истиқболли технологияни эътибордан четда қолдирмаган. Роботларни Шимолий Корея билан чегарани қўриқлаш учун ишлатиш режалаштирилган.

Hankook Mirae Technology вакилларининг сўзларига кўра, роботнинг нархи тахминан 8,3 миллион долларга тенг.