Ghost Robotics робот-кучукни қуролга айлантирди

Boston Dynamics компанияси ўзининг робот-кучукларини, яъни Спот кучукларини қуроллантиришни тақиқлайди. Бироқ, барча робот ишлаб чиқарувчилари ҳам бундай эмас. Улардан бири, Ghost Robotics, Q-UGV қурилмасининг кўпчиликни қўрқитадиган турини намойиш этди. Бу робот-кучукка қурол ўрнатилган.

Ghost Robotics ҳарбий кучлар учун робот-итни ишлаб чиқди ва ушбу “ҳалокатли” моделни АҚШ армияси ассоциациясининг 2021 йилги Вашингтондаги йиллик конференциясида намойиш этди. Sword International компанияси яратган “махсус мақсадли учувчисиз қурол” (ёки SPUR) робот-кучукка ўрнатилган. Маълумотларга кўра, SPUR тунда ишлаш учун 30 марта яқинлаштириб берувчи термал камерага эга ва самарали равишда 1,2 км масофадан туриб нишонни йўқ қила олади.

“Улкан қобилиятга эга сенсорлар туфайли SPUR кундузи ҳам, кечаси ҳам ҳар қандай шароитларда ишлаши мумкин”, – дейилади компания веб-сайтида.

SPUR билан жиҳозланган Q-UGV майдонда қанчалик автоном равишда ишлаши номаълум. Оператор роботни бошқарадими ёки унинг ўзи барча ҳаракатларни мустақил амалга оширадими?