Эрон Исроилнинг Кавказда “мавжудлигидан” хавотирда

Эрон Исроилнинг Кавказда ҳозир бўлишидан “жиддий хавотирда“. Эрон ва Озарбайжон ўртасидаги алоқалар Бокунинг асосий қурол-яроғ етказиб берувчиси Исроил туфайли кескинлашиб бормоқда.

Россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокара ўтказиш учун Москвага келган Эроннинг янги ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдоллаҳян чоршанба куни Эрон “Кавказдаги геосиёсий ўзгаришларга тоқат қилмаслигини” айтди.

“Биз бу минтақада террорчилар ва сионистлар мавжуд бўлишидан жиддий хавотирдамиз”, – деди Амирабдоллаҳян журналистларга.

Сентябрь ойининг ўрталаридан бошлаб 700 км умумий чегарага эга Эрон ва Озарбайжон ўртасида кескинлик кучайиб бормоқда.

Эрон армияси ва Ислом инқилоби гвардияси корпуси яқинда Озарбайжон билан шимоли-ғарбий чегаралар яқинида ҳарбий машғулотлар ўтказди.

Бунга жавобан Озарбайжон ва Туркия чоршанба кунидан бошлаб қўшма ҳарбий машғулотларни бошлаб юборди.

Машғулотлар бошланишидан бир кун олдин Амирабдоллаҳян озарбайжонлик ҳамкасбига Эрон Исроилнинг “чегараларимиз ёнида” бўлишига тоқат қилмаслигини айтди ва унга қарши ҳар қандай чораларни кўришга ваъда берди.

Алиев сешанба куни мамлакат ҳудудида Исроил ҳарбийлари борлиги ҳақидаги Теҳроннинг “асоссиз” айбловларини “жавобсиз қолдирмаслигини” айтди.