“ЭРИ ўрнига бармоқ изини қўллаш қулайлик бериши мумкин”

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолият олиб бораётган ходимларнинг соҳани ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазалари, таклифларини тақдим этишда давом этамиз.

Бу сафар қисқа ва лўнда саволларга Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари маркази ходими Алижон Юсупов жавоб берди.

— Сиз фаолият юритаётган марказда энг талабгор давлат хизматлари қайсилар?
— Ўтган давр мобайнида Самарқанд шаҳар Давлат хизматлари марказига фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимига ҳисобга олиш, электрон рақамли имзо олиш ва болаларни боғчага навбатга қўйиш, кадастр, адлия органлари ва муассасаларидан ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш, коммунал соҳа билан боғлиқ хизматлар бўйича мурожаатлар сони ошди.

— Олис қишлоқ аҳолисининг давлат хизматларидан қулай фойдаланишлари учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
— Ўзингизга маълум, олис ва чекка ҳудудларда Давлат хизматлари марказларининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Улар ҳафтада икки кунгина фуқароларга хизмат кўрсатади. Бу эса етарли муддат деб ўйламайман. Бир нечта қишлоққа яқин ҳудудларда мана шундай филиаллар сонини кўпайтириш лозим ва улар ҳафтада 4 кун тўлиқ ишлаши зарур деб ҳисоблайман.

— Марказларда навбатларни юзага келмаслиги учун қандай чора қўллаган маъқул?
— Аввало талаб юқори бўлган ҳудудлар мониторинги юритилиб, таҳлил натижаларига кўра, марказларда ходимлар сонини нисбатан ошириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, бугунги кунда барча марказларда ҳам ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ишламайди. Мавжудлари ҳам талаб даражасида эмас. Ваҳоланки биз андоза олган давлатларда бу тизимга алоҳида эътибор қаратилган.

— Сизнинг инновацион ғоянгиз…
— Хабарингиз бор, давлат хизматларидан янада қулай фойдаланиш учун соҳага янги технология ва имкониятлар жорий қилинмоқда. Фикримча, давлат хизматларидан масофадан туриб фойдаланишда One ID тизимида фуқарони шахсини тасдиқлашни электрон рақамли имзо ўрнига шахсий мобил телефонда бармоқ изи билан тасдиқлаш фуқарога жуда катта қулайлик яратади. Ҳозирги кунда One ID тизимида ЭРИдан фойдаланилади. Бу фуқарога ҳам вақт жиҳатидан, ҳам маблағ жиҳатидан ноқулайлик туғдиради. Бармоқ излари билан тасдиқлаш тизими эса иккала томон учун ҳам жуда афзал бўлади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати