Босниялик эркак ўз аёли учун антиқа уй қуриб берди

Босниялик 72 ёшли эркак ўз хотинига деразадан турли манзаралар кўриниб турадиган айланувчи уй қуриб берди. Уй ўзининг тўлиқ тезлигида 22 сонияда бир марта айланади.

Эркакнинг айтишича, у “хотинининг шикоятлари ва уйни қайта таъмирлайверишдан чарчаган”. У аёлига “Мен сизга айланадиган уй қуриб бераман. Уни хоҳлаганингизча айлантиринг” деган.

Лойиҳани амалга ошириш учун олти йил вақт кетди. Қурилиш вақтида эркак инфаркт билан касалхонага ётқизилган. “Мен шифокорлардан умримни камида бир йилга узайтиришга ҳаракат қилишларини сўрадим, чунки уйни қуриш лойиҳаси менинг “бошимда” эди, уни қандай тугатишни ҳеч ким билмасди”, – деди у.

Эркак бу лойиҳа янгилик эмаслигини қўшимча қилди. Буни амалга ошириш учун фақат вақт ва хоҳиш керак бўлган.

Уй Србац шаҳри яқинидаги текислик устида жойлашган. Уйнинг бир томондаги деразалари маккажўхори майдонларига, бошқа томондаги ойналари эса дарё ва ўрмонга қараб қурилган. Уй етти метрли ўқ атрофида айланади. Уй энг паст тезликда ўз ўқи атрофида 24 соатда айланиб чиқади.