АҚШлик олимлар ДНК ёрдамида Миср мўмиёларининг юзларини тикладилар

Моделларни яратиш учун улар суд-медекспертиза соҳасида қўлланиладиган ДНК фенотиплаш технологиясидан фойдаланишган.

Бу инсоннинг юз хусусиятлари ва бошқа жисмоний хусусиятларини башорат қилиш учун генетик маълумотлардан фойдаланиладиган жараён ҳисобланади.

Мўмиёлар Мисрнинг Қоҳира жанубидаги қадимий Абусир эл-Мелек шаҳридан топилган. Улар милоддан аввалги 1380 йилдан милодий 425 йиллар орасида дафн этилган дея тахмин қилинмоқда.

2017 йилда Германиядаги Макс Планк Инсоният тарихи институти генетиклари ушбу мўмиёларнинг ДНКларини ажратишга муваффақ бўлгандилар.

Олимларнинг ДНК ёрдамида юз тузилишини тиклашлари қадимги Миср мўмиёсининг геномини биринчи муваффақиятли реконструкция қилиш сифатида тарихда қоладиган бўлди.