АҚШ ва Толибон биринчи марта юзма-юз музокаралар ўтказмоқда

Вашингтон август ойида ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетганидан бери АҚШ расмийлари Афғонистонда ҳукмрон Толибон билан биринчи марта юзма-юз учрашишди.

Қатардаги музокараларда экстремистик гуруҳлар фаолиятини чеклаш, АҚШ фуқароларини эвакуация қилиш ва гуманитар ёрдам масалалари муҳокама қилинмоқда.

АҚШ бу учрашув Толибонни расман тан олиш эмаслигини таъкидламоқда.

Қатарда АҚШ билан музокаралар бошланганидан сўнг, Толибон тайинлаган Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақийнинг айтишича, томонлар 2020 йилда имзоланган Доҳа келишуви шартларини бажаришга келишиб олган.

Келишув Толибонга “Ал-Қоида” каби гуруҳларнинг АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид солишига йўл қўймаслик чораларини кўриш бўйича кенг мажбуриятларни юклайди.

Жаноб Муттақийнинг айтишича, АҚШ расмийлари Толибонга Covid-19 вакциналари ва гуманитар ёрдамни етказиб беришда ёрдам беришларини ҳам айтишган.

АҚШ ҳозирча музокаралар тафсилотларига изоҳ бермади, лекин аввалроқ давлат департаменти вакили расмийлар учрашувдан фойдаланиб, Толибонга аёлларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, инклюзив ҳукумат тузиш ва гуманитар агентликларнинг ишлашига рухсат бериш бўйича талабларни қўйишини айтган.

Жаноб Муттақийнинг журналистларга айтишича, гуруҳ халқаро ҳамжамият билан муносабатларни яхшилашни хоҳлайди, лекин ҳеч ким ҳеч бир мамлакатнинг ички сиёсатига аралашмаслиги керак.