Амазонни 300 минг долларга туширган эркак ҳибсга олинди

Шимолий Каролиналик Хадсон Хамрик Амазон интернет-дўконидан беш йил давомида қимматбаҳо маҳсулотларни сотиб олган ва кейинроқ уларни қайтариб берган. Бироқ, маҳсулотларни қайтариш пайтида Хамрик ҳийла қилган. Нархи қиммат бўлган товарларнинг ўрига у арзонроқларини юборган. Натижада, Хамрик Амазонни 290 минг доллардан ортиқроқ пулга “туширган”. Энди фирибгарга 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Айбланувчининг адвокатларига кўра, судланувчи Амазонга нисбатан 300 га яқин фирибгарлик операцияларини амалга оширган. Хамрик қайтариш учун берган 270 та маҳсулотларнинг 250 таси “қийматига нисбатан арзонроқ бўлган”.

Прокуратура фирибгарлик схемаси оддий эканини айтди. Дастлаб фирибгар қимматбаҳо маҳсулотларга буюртма берган, кейин интернет-дўконидан пулни қайтариб олган ва сотиб олган маҳсулотга ўхшаш ускуналарни почта орқали жўнатиб юборган. Хамрик ўзида қолган гаджетларнинг бир қисмини қайта сотиб, улардан ҳам фойда кўрган.