Афғонистон: вилоятлардаги касалхоналар ёпиқ, Кобулдагиларда эса жой йўқ

Афғонистондаги давлат касалхоналари расмийларининг айтишича, инсонлар соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини ўз вилоятларида ҳал қила олмаётгани учун пойтахтга боришга мажбур бўлишмоқда. Аммо Кобул касалхоналарида ҳам шифокорлар ва жой танқислиги кузатилмоқда.

 “Вилоятлардаги соғлиқни сақлаш марказлари ёпилгач, пойтахтдаги касалхоналарда беморлар сони орта бошлади. Аммо вазият бундай давом этса, уларга жой етмай қолади,” дейди Вазир Акбар Хон касалхонаси бошлиғи Парвиз Нурий.

 “Кобул касалхоналари ҳам тўлиб кетган. Биз дори-дармон ва шифокорлар етишмаслиги муаммосига дуч келдик,” дейди шифокор Муҳаммад Исҳоқ Широний.

Лағмон вилоятида яшовчи Шамсул Ҳақ Кобулга ўғлини муолажа қилдириш учун олиб келган. Унинг айтишича, вилоятлардаги касалхоналар шифокорлар, дори-дармон ва тиббий ускуна етишмаслиги оқибатида аллақачон ёпилган.

 “Вилоятдан шифо истаб келдик. Бу ерда ҳам дори йўқ. Улар менга дорини кўчадан сотиб олишимни айтишди. Биз фақир инсонлармиз, қандай қилиб сотиб оламиз?” дейди Шамсул Ҳақ.

Беморлардан бирининг қариндоши Муҳибуллоҳнинг айтишича, Вазир Акбар Хон касалхонаси шифоталаб инсонлар билан тўлиб-тошган, аммо уларга дори-дармон ва шифокорлар умуман етишмаяпти.

ЖССТ Афғонистондаги соғлиқни сақлаш тизимининг жар ёқасига келганидан огоҳлантирмоқда.