Афғонистоннинг баъзи вилоятларида қизларга ўқишга қайтишга рухсат берилди

Собиқ ҳукумат ағдарилгач, Толибон 7-12-синфларда ўқийдиган қизларга мактабга қатнашни таъқиқлаган эди. Эндиликда Балх,Сарипул ва Қундуз вилоятларида уларга ўқишга боришга рухсат берилди.

“6-синфдан юқори синфларда ўқийдиган ва мактабга бориши таъқиқланган қизларнинг таълим олишга ҳаққи бор, улар ўқишлари шарт”,-дейди Ҳассина исмли ўқувчи.

Ҳодиса исмли бошқа бир қизнинг айтишича, убошқа вилоятлардаги қизларнинг ҳам мактабга қайтиб, дарсларини мунтазам равишда тайёрлай олишларидан умид қилмоқда.

Балх вилоятидаги қизлар мактабга қайта олганликларидан ўзларини бахтиёр ҳис қилишмоқда.

9-синфда ўқийдиган Фарибанинг айтишича, мактабларда қизларнинг сони кундан-кунга ортмоқда.

Балх маркази Мозори Шарифдаги мактаб ўқувчиси Табассум таълим олиш барчанинг ҳаққи эканлигини, таълим орқали қизлар ўз ватанлари келажагини яхшилашмоқчи эканлигини таъкидлаб ўтди.

Балх вилояти таълим бўлими мудири Жалил Саййид Хиллийнинг айтишича, вилоятдаги барча қизлар мактаблари очилган. У яна қизлар ва ўғил болаларнинг дарс жараёнида алоҳида ўқитилишини ҳам таъкидлаб ўтди.

Статистик маълумотларга кўра, ҳозирда Балх вилоятида 600 дан ошиқ мактаб фаолият кўрсатмоқда ва уларда 50,000 га яқин ўқувчилар таълим олмоқда.