Афғонистонликлар Эронга виза олишда қийналишмоқда

Кобулдаги Эрон элчихонаси ёнида тўпланган Афғонистонликлар виза олиш жараёнининг секин кечишидан ва кўплаб қийинчиликларга дучор бўлаётганликларидан шикоят қилишмоқда.

Уларнинг айтишича, элчиликка алоқаси бўлмаган баъзи инсонлар 2000 АҚШ доллари эвазига виза олиб беришни таклиф қилишмоқда.

Эрон элчихонаси ҳужжатлар билан боғлиқ қийинчиликларни эски ҳукуматнинг қулаши билан изоҳламоқда.

“Бу ерга келганимга 2 кун бўлди”,-дейди Каписа вилоятидан келган Луқма Ҳошимий. “Тиқилинч, жуда кўп одам йиғилган ва ҳеч нарса аниқ эмас”.

Ғарбий Ҳиротдан келган Муҳаммад Жоннинг айтишича, у соғлиқ суғуртаси ва тиббий ҳужжатлар учун аллақачон пул тўлаган ва агар бугун визаси чиқмаса, чипта учун тўлаган 20,000 афғоний пули куйиб кетади. 

Бу инсонларнинг кўпчилиги савдо, транзит ва таълим визалари учун ҳужжат топширишган. Уларнинг айтишича, жуда кўп инсонлар мамлакатдан чиқиб кетишга уринишмоқда.

Эрон расмийлари мазкур ҳолат юзасидан изоҳ бермаган, аммо маҳаллий туризм ширкатида ишловчиларнинг айтишича, Эрон элчихонаси ҳар куни 100-200та виза бермоқда.