Афғонистон Марказий банкига собиқ амалдорлардан маблағ келиб тушган

Тахминан 17 миллион доллар Афғонистон Марказий банкига мамлакатнинг аввалги раҳбарлиги остида ишлаган амалдорлардан келиб тушган. Бу ҳақида Марказий банкнинг Facebook саҳифасида якшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилган.

“Молия вазирлигининг махсус ҳисоб рақамига олдинги коррупциявий маъмурият хизматида бўлган баъзи одамлардан маблағ келиб тушган”, – дейилади баёнотда. Таъкидланганидек, пуллар Кобул, Панжшир, Хост ва Логар вилоятларининг собиқ давлат хизматчиларидан келган.

Ҳафта бошида Афғонистоннинг DABS (Da Afghanistan Breshna Sherkat) энергетика корпорацияси қўшни экспортчи давлатлардан электр энергияси бўйича қарзларини тўлаш учун ҳокимиятдан ағдарилган ҳукумат амалдорларининг мулкини сотиш режасини эълон қилганди. Охирги маълумотларга кўра, Афғонистоннинг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрон олдидаги электр энергияси учун қарзи қарийб 62 миллион долларга етган.