Xiaomi смартфонларни блоклашни бошлади

Xiaomi нинг экспорт сиёсати баъзи мамлакатлар ва минтақаларда смартфон сотишни тақиқласа ҳам, компания илгари ҳудудларда фаоллаштирилган (активация қилинган) қурилмаларни ишлатишга тўсқинлик қилмаган. Эндиликда Xiaomi сиёсати ўзгарган кўринади. Ўтган ойларда Reddit ва Facebook фойдаланувчилари маълум бир ҳудудларда Xiaomi смартфонлари блоклангани ҳақида хабар беришган, бироқ ўтган ҳафтадан бери бундай хабарлар сони кескин равишда ошган.

Чекловларга дуч келган фойдаланувчилар, қурилмаларда қуйидагича хабар пайдо бўлганини айтишмоқда:

Xiaomi сиёсати маҳсулотни сиз фаоллаштирмоқчи бўлган ҳудудга сотишга ёки олиб боришга рухсат бермайди. Қўшимча маълумот олиш учун компания диллерлари билан боғланинг“.

Ҳозирги вақтда Xiaomi қурилмаларидан фойдаланиш муаммоси бўлган мамлакатлар ва минтақаларнинг тўлиқ рўйхати мавжуда эмас. Муаммолар Куба, Сурия, Эрон, Шимолий Корея ва Судандаги фойдаланувчилар орасида, шунингдек Қримда пайдо бўлган.

Таъкидлаш жоизки, Xiaomi нинг хавфсизлик шартлари харидорларга маълум ҳудудларга телефонларни экспорт қилиш тақиқланишини аниқ кўрсатиб турган бўлса ҳам, бу ҳудудларга экспорт қилинган телефонлар блокланиши ҳақида айтиб ўтилмаган.