Венгрияда сирли Bitcoin асосчисига ҳайкал ўрнатилди

Венгрия пойтахтида бронзадан ясалган ҳайкал ўрнатилди. Уни ишлаб чиққан ҳайкалтарошлар дунёда биринчи бўлиб Bitcoin рақамли валютасининг номаълум муаллифига ҳурмат бажо келтирганини айтмоқдалар.

Дунай дарёси яқинидаги бизнес-паркда ўрнатилган бюст, ҳақиқий шахси номаълум бўлган, Bitcoinнинг сирли асосчиси Сатоши Накамото номи билан аталган.

Бронза қалпоқчага ўралган бюстнинг юзи, томошабинлар ўзларини кўра оладиган даражада кўзгуга ўхшаб жилоланган.

Bitcoin 2008 йилда глобал молиявий инқироз шароитида яратилган ва банклар каби воситачилардан фойдаланмасдан, онлайн операциялар амалга ошириш учун хавфсиз технологияни ишлаб чиқиш орқали анъанавий молиявий институтларни четлаб ўтишни мақсад қилган.

Ушбу рақамли валюта асосчиси Накамото тахаллуси билан танилган бўлиб, у ёки улар жинси, ёши ёки миллий келиб чиқиши номаълум шахс ёки шахслар гуруҳи бўлиши мумкин.

Bitcoin ихтирочисининг ҳақиқий муаллифи ким эканлигини билиб олиш умидида ҳайкал ташкилотчилари Накамотони очилиш маросимига таклиф қилишди. Аммо маросимга бир неча юз киши ташриф буюрган бўлсада, ҳеч ким ўн миллионлаб инвесторларни жалб қилган криптовалютани ишлаб чиққанлик учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.

Муаллифларнинг таъкидлашича, ҳайкалга қараган Bitcoin фойдаланувчиларининг барчаси ўзини дунё молиявий империясига қарши норозилик билдирган “Сатоший” эканлигини ҳис қилади.