Украина ва АҚШ қўшма баёнот эълон қилишди

АҚШ ва Украина президентлари Жо Байден ва Владимир Зеленскийнинг учрашувидан кейин эълон қилинган қўшма баёнотда Вашингтон ва Киев ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаб олишди ва Украина бир қатор кафолатларга эга бўлди. Баёнот 2 сентябрь, пайшанбага ўтар кечаси Оқ уй ва Украина президенти девони веб-сайтларида чоп этилди.

Хусусан, Қўшма Штатлар “Россиянинг Қримни қўшиб олганини ҳеч қачон тан олмаслигини” тасдиқлади ва Украинанинг яриморолни, хусусан, Қрим платформасини яратиш орқали қайтариш бўйича тинч ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Вашингтон, шунингдек, Украинанинг “ташқи аралашувларсиз, жумладан НАТОга қўшилиш истаги билан бирга ўзининг ташқи сиёсат йўналишини танлаш” ҳуқуқини эътироф этади. АҚШ Украина Мудофаа вазирлигидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этади ва киберхавфсизлик соҳасида Киев билан янада фаолроқ ҳамкорлик қилади.

Энергия соҳасида АҚШ ва Украина “Шимолий оқим 2” газ қувурининг қурилишига қарши чиқишда давом этадилар. Бу лойиҳа икки мамлакат томонидан “Европанинг энергия хавфсизлигига таҳдид” деб ҳисобланади. АҚШ Украина газ транзитини сақлаб қолиш тарафдори бўлади ва Кремль энергияни геосиёсий қурол сифатида ишлатишига қарши чиқади.

Ҳужжатда айтилишича, АҚШ маъмурияти 2021 йилда Украинага 463 миллион доллардан ортиқ ёрдам, шу жумладан демократия, инсон ҳуқуқлари, маҳаллий бошқарув ва децентрализацияга қаратилган дастурлар ажратишни режалаштирган.

Байден ва Зеленский чоршанба куни Оқ уйда учрашишди. Бу Зеленскийнинг Украина давлати раҳбари сифатида Оқ уйга биринчи расмий ташрифи.