Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби лотин алифбосига ўтиш тарафдори

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов мамлакат кирилл алифбосидан воз кечиши ва лотин алифбосига ўтиши керак, деб ҳисоблайди.

У, шунингдек, болалар боғчасидан бошлаб инглиз тили мажбурий ўргатилиши кераклигини айтмоқда.

“Мен (лотин алифбосининг киритилиши) тарафдориман. Менимча, бу асосий йўналишлардан бири бўлади. Биз кирилл алифбосидан қутулишимиз ва лотин алифбосига ўтишимиз керак”, – деб жавоб берди бош котиби “Озодлик” радиоси берган лотин алифбосининг киритилиши ҳақидаги саволга.

Данилов, шунингдек, украиналикларнинг болалигидан бошлаб инглиз тилини ўрганиши муҳимлигини таъкидлади. У икки тилли Украина тарафдори эканлигини айтиб, “инглиз тили – маданий мулоқот тили” эканлигига урғу берди.

“Биз ҳамма инглиз тилини билиши кераклигини тушунишимиз керак. Ёши улғайганлар (тилни ўрганиши) қийин. Бу бошқа масала. Лекин, болалар боғчаларида, мактабларда шундай (тартиб) бўлиши керак”, – деб ҳисоблайди котиб.