Тошкент вилоятида коронавирусга қарши дориларни қарийб 50 000$ га пуллаётганлар ушланди

Тошкент вилоятида пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини ноқонуний муомалага киритилишининг олди олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро М.К. ва бошқалар пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини дорихона ва уларнинг филиалларидан ташқарида муомалага киритиш орқали ноқонуний даромад орттиришни кўзлаб, жами 460 қути “SARS-COV-2 lgM/lgC” номли тиббий буюмларни 30 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Худди шундай, Департаментнинг Чиноз туман бўлими, ДХХ ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Ж.Ш. вабошқалар олдиндан тил бириктириб, 175 қути “Remdesivir for Injection 100 mg/Vial” номли дори воситаларини жами 7875 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Тошкент туман бўлими ҳамда ДБҚнинг вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро А. 8 300 дона “Никозон-С” номли дори воситасини жами 120 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.