Тожикистон Байденнинг сўзлари учун АҚШ элчисига норозилик нотасини топширди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг республикадаги элчисига АҚШ президенти Жо Байденнинг баёнотлари муносабати билан норозилик нотасини топширди. Бу ҳақда сешанба куни Тожикистон дипломатик хизмати хабар берди.

“2021 йил 14 сентябрда Америка Қўшма Штатларининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Жон Марк Поммершайм Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Америка Қўшма Штатлари Президенти жаноб Жо Байденнинг Пенсилвания ўт ўчирувчилар бўлимига ташрифи давомида айтган сўзларига жавобан АҚШ элчисига норозилик нотаси топширилди”, дейилади хабарда.

ТИВ маълумотларига кўра, нотада бундай баёнотлар дўстона муносабатлар ва шериклик руҳига мос келмаслиги қайд этилган.

“Тожикистон Республикаси Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ҳурмат руҳида манфаатли муносабатларни ривожлантириш тарафдори”, – дейилади баёнотда.

Шанба куни, Пенсилвания штатининг Шанксвилл шаҳрида 11 сентябрь воқеалари қурбонлари ёдгорлигига ташрифи чоғида, Байден, америкаликларнинг аксарияти, қандай қилиб бўлмасин, Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиш тарафдори эканлигини айтди.

“(Таҳлилларни) ўқиганимда, америкаликларнинг 70 фоизи бу (терроризмга қарши кураш учун) пул сарфланганидан кейин Афғонистонни тарк этиш вақти келди деб ўйлашларини айтишди. Аммо бошқа томондан, уларга бизнинг чиқиб кетишимиз ёқмади. Лекин, барчага қандай чиқиб кетишни тушунтириш қийин. Мисол учун, агар биз Тожикистонда бўлганимизда ва С130 (ҳарбий-транспорт самолёти) ни қўйиб, “Бизга ҳамдард бўлганларнинг барчасига самолётга чиқишга рухсат берамиз” деганимизда, ғилдирак шассисига чиқиб оладиган одамлар бўларди”, – деди АҚШ президенти.