“Термиз” дала ўқув майдонида кенг кўламли ўқув-услубий йиғин бошланди

Қўшинларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий армиямизнинг жанговар шайлигини янада ошириш, тайёргарлик машғулотларини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш энг муҳим масала ҳисобланади. Шу мақсадда Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи қўмондони ўринбосарининг тегишли буйруғига асосан Сурхондарё вилояти ҳудудидаги ҳарбий қисмлар ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари билан авиациянинг интенсив учиш ҳудудларида дала ўқув йиғини ўтказиш режалаштирилган. “Термиз” дала ўқув майдонида ана шундай ўқув-услубий йиғинга старт берилди.

Соҳа масъул офицери подполковник Сарвар Тоштемиров тадбир аввалида сўз олиб, қўшинларимизнинг жанговар тайёргарлик даражасини дунёнинг энг илғор армиялари билан тенглаштириш кераклиги, бунинг учун ҳарбий қисм ва муассасаларда барча моддий-техник асослар, ҳарбий хизматчилар учун зарур шароитлар яратилгани, эндиги талаб юрт посбонлари фақат ва фақат ўз устида ишлаши, энг сўнгги замонавий билимларни ўзлаштириши лозимлигини таъкидлади.

Дала ўқув йиғинини ўтказишдан асосий мақсад тўпланган тажрибаларни янада мукаммаллаштириш, жанговар ҳаракатларни ташкиллаштириш ва уларни замонавий шароитларда ҳар томонлама таъминлаш бўйича эгалланган билимларни мустаҳкамлашдан иборатдир.