Столтенберг: Афғонистоннинг қулаши ҳукумат инқирозининг натижасидир

“Маҳаллий ҳукуматнинг инқирози натижасида Афғонистон Толибон қўлига ўтди”, – деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг.

“АҚШ ва НАТОнинг чиқиб кетиши Афғонистоннинг қулашини тезлаштирган бўлиши мумкинми”, деган саволга жавоб берар экан, Столтенберг бу савол “тадқиқотчилар томонидан таҳлил қилинадиган мавзу бўлади” деб жавоб берди. “Мен учун асосий вазифа – терроризмга қарши курашда эришилган ютуқларни сақлаб қолиш ва одамларни Афғонистондан олиб чиқиш бўлган”, – дея қўшимча қилди бош котиб.

У, шунингдек, Қўшма Штатлар ўз қўшинларини НАТО иттифоқчилари билан келишган ҳолда мамлакатдан олиб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилганини қайд этди. АҚШсиз, дейди Столтенберг, альянснинг бошқа аъзолари операцияни давом эттира олишмасди.

Август ойининг бошида Толибон Афғонистон ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни кучайтирди, 15 августда Кобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг охирги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимояси остидаги Кобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонларни оммавий эвакуация қилиш ишлари амалга оширилди. 31 августга ўтар кечаси АҚШ ҳарбийлари Кобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги 20 йилга яқин ҳарбий мавжудлигига якун ясади. 6 сентябрь куни Толибон Афғонистоннинг 34 вилоятининг охиргиси бўлган Панжшерни жанглар билан ўз назоратига олганини эълон қилди.