Швейцария музликларни ҳимоя қилиш учун улкан кўрпа тикмоқда

Швейцариялик ишчилар Титлис тоғида музликларнинг эриб кетишига йўл қўймаслик учун шошилишмоқда. Расмийлар бир неча йилларни бой берганликларини тан олишяпти. Улар бу ишни анча олдин бошлашлари керак эди. Қисқа вақт мобайнида бу ердаги музликларнинг энг ҳимоясиз жойларини ёпиб қўйиш учун деярли 100000 квадрат метр тукли кўрпалар ётқизилди.

Титлис тоғи ва ундаги қор ҳамда музликлар Швейцариянинг ғурури ва иқтисодий барқарорлиги рамзидир. Бу ерда Европадаги энг баланд осма кўприк ва энг машҳур чанғи курортлари жойлашган. Швейцарияликларнинг даъво қилишича, илгари, Титлисда ҳатто энг иссиқ ёз ойларида ҳам қорлар эримаган. Бу эса тоғларга сайёҳларни жалб қилган.

Афсуски, сўнгги ўн йилликда Титлиснинг асосий музликлари кескин камайиб кетмоқда. Тоғда ва унинг ён атрофларида ҳали ҳам 1500 та кичик музликлар бор, лекин агар иқлим исиши давом этса, аср охиригача улардан асар ҳам қолмайди. Тоғ чанғиси ихлосмандлари том маънода тоғлардан қор қидиришларига тўғри келади. Музликлар устига ёпилаётган кўрпа, албатта, муаммонинг ечими эмас. Лекин, бошқа вариант ҳам таклиф қилинмаган. Оқ юнгли мато қуёш нурларини акс эттириб, қайтаради ва муз атрофида изоляция ҳосил қилиб, уларнинг эришини сезиларли даражада секинлаштиради.