Сайлов олдидан ўтказилган сўнгги теледебатда Трюдо танқид остида қолди

Канада бош вазири Жастин Трюдо парламент сайловлари арафасида, асосий номзод бўлган Консерватив партия раҳбари Эрин О Тул билан охирги теледебати пайтида танқид остига олинди.

О Тул Трюдони Афғонистондаги инқироз ва ҳозирги коронавирус пандемиясига қарамай, муддатидан олдин сайловлар тайинлашга қарор қилгани учун танқид қилди.

“Сиз сайловга чақириб ўз сиёсий манфаатларингизни минглаб одамлардан устун қўйяпсиз… Лидерлик – бу ўзингизни эмас, бошқаларни биринчи ўринга қўйишдир”, деди О Тул Трюдога.

Трюдо Афғонистондаги ўз сиёсатини ҳимоя қилиб, Канада хавфсизлик кучларини минглаб одамларни Кобулдан эвакуация қилгани учун мақтади.

20 сентябрь куни Канадада 38 миллион сайловчи янги ҳукумат тузилиши учун овоз бериш учун боради.

2015 йилдан буён бош вазир бўлган ва 2019 йилдан бери озчиликлар ҳукуматини бошқарган Трюдо бир неча ҳафта олдин муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди. Танқидчиларнинг айтишича, у коронавирус инқирози пайтида парламентда кўпчилик овозига эга бўлиш учун сайловларни муддатидан олдин ўтказмоқда.