Рогозин Роскосмос ва SpaceX ўртасидаги ҳамкорлик истиқболларини баҳолади

“Роскосмос” “SpaceX” компанияси билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилишининг имкони йўқ, деди Россия давлат корпорацияси раҳбари Дмитрий Рогозин.

“Бизнинг аэрокосмик ташкилотларимиз SpaceX билан ҳамкорлик қилиши мумкин эмас, чунки улар бизнинг тўғридан-тўғри рақобатчиларимиздир”, – деди Рогозин Ёшлар орбитаси илмий-амалий конференцияси давомида.

Давлат космик корпорацияси раҳбари, шунингдек, SpaceX коинотга учиш бозоридан Роскосмосни чиқариб юбормоқчи эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун Америка компанияси демпинг, яъни сунъий равишда товарлар ва хизматлар нархини пасайтириш усулидан фойдаланмоқда.

Шу билан бирга, Рогозин Роскосмос Маск компаниясининг лойиҳаларини кузатиб бораётганини айтди. Унинг таъкидлашича, корпорация Россияда хусусий космик компанияларнинг ривожланишидан манфаатдор, бироқ Америка компанияларига қараганда Россия “хусусий космик корхоналари” учун маблағ топиш қийинроқ масала.

Бундай изоҳлардан кейин Маск твиттерда “Россия ракеталарини SpaceX ракеталари каби қайта ишлатиб бўлмаслигини ва бу катта муаммо эканлигини” ёзди.