Рогозин Маскни нима учун чақиряпти?

Россия космик дастури раҳбари Элон Маскнинг ташриф буюришини жуда кутмоқда. Дмитрий Рогозин бир неча бор, SpaceX асосчисини Қозоғистонга 5 октябрда уч нафар россияликни олиб учадиган “Союз МС-19” космик кемасининг Халқаро космик станцияга парвозини кузатиш учун таклиф қилган.

Яқинда, CNN телеканалига берган интервьюсида, Рогозин Маскни Россиядаги уйига таклиф қилганди ва анча машҳурликка эришганди. “Мен чойнакда аллақачон чой тайёрлаб қўйганман”, – дея қўшимча қилганди у.

Илон Маскнинг хатти-ҳаракатларини башорат қилишга уриниш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас, лекин унинг хавфсизлик бўйича хавотирларини ҳисобга олсак, миллиардернинг Россияга ташриф буюриши ёки Қозоғистондаги парвоз маросимида қатнашиши амри маҳол.

Дмитрий нимани хоҳлаяпти?

2018 йилда “Роскосмос” раҳбари бўлганидан бери, Рогозин Маск билан пассив-тажовузкор муносабатда бўлган. Шу билан бирга, Рогозин SpaceX Россиянинг космик саноати учун катта даромад оқимларини йўқ қилганини кўра олган. Эътиборлиси, Crew Dragon НАСА ҳар йили Роскосмосга Халқаро космик станцияга экипаж ташиш хизматлари учун тўлайдиган тахминан 400 миллион долларни тўхтатиб қўйди. Бундан ташқари, SpaceX United Lauch Alliance компаниясининг Россиядан РД-180 ракета двигателларини сотиб олишига тўсқинлик қилди. Ва ниҳоят, арзон Falcon 9 ракетаси Россиянинг “Протон” ракетасига рақобатчи сифатида унинг тижорий парвозларини йўққа чиқарди. “Протон” ҳозирда йилига тахминан бир марта учирилади.

Хўш, нега энди Маск билан чиройли муносабатда бўлиш керак? Бунинг учун камида иккита яхши сабаблар бор.

Биринчидан, агар Рогозин Маскни Россияга ташриф буюришига эриша олса, у ва мамлакатнинг космик дастури Маскнинг шон-шуҳратини нурига чўмилиши мумкин. Маск Совет ракетасини жуда қадрлайди. У яқинда SpaceX штаб-квартирасида Сергей Королевнинг набираси билан бир соат суҳбатлашган. Маск, шубҳасиз, бундай ташрифи чоғида Россиянинг космик дастури ҳақида яхши гапларни айтган бўларди. У билан учрашиб, Рогозин ўзини тенг кучли рақиб сифатида кўрсатарди. Бу у ва Россия космик дастури учун муҳим тарғибот бўларди.

Иккинчидан, Рогозин учун Маскни яқинлашиб келаётган “Союз” парвозига жалб қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг сабаби шундаки, Рогозин ва Роскосмос космонавт Антон Шкаплеров қўмондонлик қиладиган ва яна иккита йўловчини – актриса Юлия Пересилд ва кинорежиссёр Клим Шипенколарни олиб учадиган ушбу рейсга катта пул тиккан. Актриса ва режиссёр Халқаро космик станция бортида тахминан 10 кун давомида “Challenge” номли фильмни суратга оладилар.

“Challenge” фильми лойиҳасининг бошланишида Элон Маскнинг иштироки Рогозинга диққатни жалб қилади, чунки у Потемкин қишлоғидан кўра Голливудга кўпроқ ўхшаш бўлган рус космик дастури тасвирини яратишга интилмоқда.