Қатар Афғонистонга ёрдам парвозларини амалга оширади

Қатар Кобулга гуманитар ёрдам олиб келди ва яқин бир неча кун ичида Афғонистонга ҳар куни ушбу турдаги ёрдам рейсларини амалга оширишини айтди.

Қатар 2013 йилдан буён Толибон сиёсий идорасига мезбонлик қилиб, жангари гуруҳ билан яқин алоқаларни ўрнатганидан сўнг, Ғарб давлатлари ва Толибон ўртасидаги асосий воситачига айланди.

Шанба куни тиббий буюмлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келган Қатар ёрдам рейси Кобулга қўнди ва шахсан Қатарнинг Афғонистондаги элчиси Саид бин Муборак Ал Хайриян аэропортда юкларни кутиб олди.

Қатар Қўшма Штатлар ва бошқа давлатлар ўз фуқаролари, афғонистонликлар ва бошқаларни эвакуация қилишни якунланганларидан кейин бир неча кун давомида ёпиб қўйилган аэропортни қайта очишга ёрдам берди.

Халқаро миграция ташкилоти ўтган ой охирида Афғонистоннинг 40 миллион аҳолисининг деярли ярми, шу жумладан, 10 миллион бола гуманитар ёрдамга муҳтожлигини айтди.