Псаки Байден-Ғани телефон мулоқоти тафсилотлари ҳақида гапиришни хоҳламади

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Афғонистон армияси қулаётгани борасида далолат берувчи Президент Жо Байден ва Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотини муҳокама қилишдан бош тортди.

Псаки 23 июлдаги қўнғироқ ҳақидаги журналистларнинг саволларига чап берди. Мулоқотда Байден Афғонистон раҳбарига Толибонга қарши кураш ҳақидаги “тасаввурини” ўзгартиришни айтган.

“Мен шахсий, дипломатик суҳбатларга ёки телефон қўнғироқларига ёҳуд уларнинг мазмуни бўйича муҳокамаларга аралашмоқчи эмасман”, – деди Псаки Оқ уйдаги брифингда.

Унинг сўзларига кўра, “ҳеч ким Толибон мамлакатни бунчалик тез эгаллаб олишини ёки Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари бунчалик тез қулашини кутмаган”.

Шунингдек, у Ғани мамлакатни тарк этишидан анча олдин Афғонистон ҳукуматида “раҳбарият қулаши” юз берганини таъкидлади.

Рейтерс агентлиги қўлга киритган икки давлат раҳбарлари мулоқотининг стенограммасига кўра, Байден Толибон мамлакатни эгаллаб олишини тушуниб етган бўлиши керак. Аммо Байден ҳам, Ғани ҳам мамлакат исёнчилар қўлига қанчалик тез “ўтиб қолиши”ни билмаган.

“Биз сизнинг ҳукуматингиз нафақат омон қолишига, балки барқарор ва ўсиб боришига ишонч ҳосил қилиш учун дипломатик, сиёсий, иқтисодий курашни давом эттирмоқчимиз”, – деди Байден Ғанига.

Тахминан 14 дақиқалик суҳбат давомида, Байден Афғонистонда (вазиятни) “идрок этиш” муаммоси бор деб билганини таъкидлайди.

“Мен сизга бутун дунёда ва Афғонистоннинг баъзи жойларида Толибонга қарши кураш борасида ишлар яхши кетмаётганини айтишимнинг ҳожати йўқ бўлса керак”, – деди Байден. “Ва ҳақиқатми ёки йўқми, лекин, бошқача “манзарани” лойиҳалаштиришга эҳтиёж мавжуд”.

Байден, агар Ғани Афғонистондаги вазиятни назорат қилиш режаси борлигини очиқчасига эълон қила олса, ёрдам беришни таклиф қилган: “Агар биз бу режа қандай эканлигини билсак, ҳаводан яқин ёрдам беришда давом этамиз”.

Баъзи қонун ишлаб чиқарувчилар қўнғироқ тафсилотларидан ғазабланишди, ҳатто Байденнинг истеъфосини талаб қилишди.