Президент Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирди

Тошкент шаҳрида Ислом тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни ушбу анжуманга ташриф буюрди.

Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонларни қутлаб, Ўзбекистоннинг мазкур банк билан ҳамкорлиги, истиқболдаги муҳим масалалар ҳақида нутқ сўзлади.

– Банкнинг йиллик анжумани Тошкентда ўтказилиши ўзига хос рамзий маънога эга. Биз буни Ўзбекистоннинг ислом дунёси ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, мамлакатда сўнгги беш йил давомида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг эътирофи, деб ҳисоблаймиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, Ислом тараққиёт банки гуруҳи 1973 йил ташкил топган. Бош қароргоҳи Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида жойлашган. Бугунги кунда банкка 57 та давлат аъзо бўлиб, устав жамғармаси 150 миллиард долларга тенг.

Ўзбекистон Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар жами 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 30 та йирик инвестиция лойиҳаси маъқулланган. Улар доирасида мактаблар, арзон уй-жойлар, автомобиль йўллари, электр ва ичимлик суви тармоқлари қурилиб, соғлиқни сақлаш муассасалари замонавий жиҳозланган.

Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясининг иқтисодий ва ижтимоий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтди. Мамлакатимизда инқирозга қарши ишлаб чиқилган чораларни ўз вақтида қўллаб-қувватлагани учун Ислом тараққиёт банкига миннатдорлик билдирди. 

Анжуман доирасида Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармасини ташкил этиш бўйича келишув имзолангани қайд этилди. Капитали 500 миллион долларга етказилиши кўзда тутилган мазкур жамғарма орқали камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган лойиҳалар қўллаб-қувватланади.

Тадбирда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир ҳам нутқ сўзлади.

Анжуман 4 сентябргача давом этади.