Пластикдан йўллар қурилмоқда

Муҳандис Тоби Маккартни томонидан асос солинган Шотландиядаги стартап компанияси MacRebur пластик чиқиндиларни қайта ишлаш натижасида олинадиган, асфальт аралашмасида ишлатиладиган битум ўрнини боса оладиган янги маҳсулотни ишлаб чиқди. Янги материал MR6 деб номланади. Анъанавий асфальт аралашмаси оҳактош, тоғ жинслари ва қумдан иборат бўлиб, улар нефтдан олинадиган компонент – битум ёрдамида бир-бирига бириктирилади.

Бутун дунёда пластмасса чиқиндиларини йўқ қилиш бўйича катта экологик муаммо борлига сир эмас. Ушбу муаммо кўлами ҳар йили ортиб бормоқда. MacRebur томонидан яратилган янги маҳсулот дунёнинг пластик билан боғлиқ учта муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради:

  • чиқиндихоналардаги миллионлаб тонна пластмасса чиқиндиларни қайта ишлайди;
  • янги йўллар қуриш, уларга хизмат кўрсатиш ва чуқурчаларни таъмирлашга сарфланадиган маблағларни камайтиради;
  • йўлларни мустаҳкам ва узоқ вақт давомида “умр” кўришига олиб келади.

MR6 100 фоиз қайта ишланган пластик материаллардан тайёрланган бўлиб, кашфиёт, шубҳасиз, чиқинди полигонларига тушадиган пластик чиқиндилар миқдорини камайтириши мумкин. Бу нафақат “яшил” ечим, балки стандарт асфальтдан 60 фоиз кучлироқ ва 10 баробар самаралироқдир. У йўлларнинг ёрилиши ва чуқурчалар хосил бўлишига нисбатан анча чидамли ва анъанавий йўл қуриш ёндошувларига қараганда арзонроқ.