Перм университетидаги отишма оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Перм давлат миллий тадқиқот университетига қилинган ҳужумда саккиз киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши жароҳатланган. Ҳужум 20 сентябрь куни эрталаб содир бўлган. Маълумотларга кўра, ҳужумни университет талабаси уюштирган.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, ҳодиса натижасида 19 киши жароҳатланган. Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 7 нафар жабрланувчи касалхонага ётқизилган. Улардан бирининг аҳволи оғир, олтитасининг аҳволи ўртача оғирликда.

Перм ўлкаси губернатори Дмитрий Махонин воқеа жойига етиб борган. Вилоят раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Расмийлар барча жабрланганларга керакли ёрдам кўрсатишга ваъда беришди.

Бош вазир Михаил Мишустин Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашко ва Фан ва олий таълим вазири Валерий Фалковга университетдаги воқеалар муносабати билан тезликда Пермга етиб боришни буюрди. Бундан ташқари, Россия бош прокурори Игор Краснов ўз ўринбосари Николай Шишкинни барча ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Пермга юборди. Воқеа жойига Перм ўлкаси прокурори Павел Бухтояров ҳам борган.

Бир қатор ОАВлар отишма 18 ёшли Тимур Бекмансуров томонидан уюштирилгани ҳақида хабар тарқатганди. Воқеадан бир неча дақиқа олдин унинг ВКонтакте саҳифасида университетга ҳужум бўлаётганини тасвирлайдиган пост пайдо бўлди. Ҳозирда унинг саҳифаси тармоқда мавжуд эмас. ВКонтакте матбуот хизматининг айтишича, ижтимоий тармоқ маъмурияти постни ўчириб ташлаган ва отишмада гумонланувчининг саҳифасини блоклаган.