Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Тошкентда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия Ҳукуматлараро комиссия (ҲК) ҳамраислари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири М.Решетниковнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган ҲКнинг 21-йиғилиши баённомасида белгиланган икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий шерикликни чуқурлаштириш чора-тадбирлари бажарилишининг мониторинги кун тартибининг асосий мавзуси бўлди. Мавжуд масалалар атрофлича таҳлил этилиб, тегишли соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кучайтиришга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Кичик комиссиялар ўртасида саноат кооперацияси, молия ва банк соҳасидаги муносабатларни чуқурлаштириш, шунингдек, инновация ва рақамли технологиялар, маданият ва туризм бўйича янги кичик комиссияларни ташкил этишга келишилди. Жорий йилнинг кузида Москвада бўлиб ўтиши режалаштирилган ҲКнинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш юзасидан навбатдаги тадбирлар белгиланди.

Икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ҳамкорлигининг фаоллиги қайд этилди

Шунингдек, бир қатор икки томонлама тадбирларга жумладан, II-Медиафорум, II-Таълим форуми, II-Минтақалараро ҳамкорлик форуми, ХҲЮКда Ўзбекистон Республикаси Миллий павильонининг расмий очилиш маросими ва “Made in Uzbekistan” тармоқлар кўргазмасига тайёргарликнинг бориши ҳам атрофлича кўриб чиқилди.

 Учрашув якунида аниқ чора-тадбирлар, муддатлар ва уларни амалга ошириш механизмларидан иборат икки томонлама ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини белгилаш мақсадида ҲКнинг  кичик комиссиялари ишини фаоллаштиришга келишилди. Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида 2022-2026 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорлигига доир шакллантирилаётган дастурга асос бўлади.