Олимлар самолёт ташувчи ҳарбий кемани кўтара оладиган магнитни қабул қилиб олдилар

Ниҳоят, Франция олимлари ядровий синтезни амалга ошириш учун энг янги ва энг кучли воситалардан бири – чинданда улкан магнитни қабул қилиб олдилар.

The Associated Press хабарига кўра, Халқаро термоядровий экспериментал реактор (ITER) тадқиқотчилари ихтиёрига пайшанба куни магнитнинг биринчи қисми етиб келган. Тўлиқ йиғилганда баландлиги 60 фут (18 метр) ва диаметри 14 фут (4 метр)ни ташкил этадиган ушбу магнит самолёт ташувчи ҳарбий кемани кўтаришга қодир.

Ернинг магнит майдонидан тахминан 300 минг баравар кучлироқ улкан магнит термоядровий реакторни қуришда ишлатилади.

Магнитнинг ўзи аслида “марказий соленоид” деб номланади. Ундан суперўтказгич сифатида ядро синтези учун зарур бўлган иссиқлик ва босимнинг керакли миқдорини ишлаб чиқариш учун фойдаланилади. New Scientist нашри маълумотларига кўра, соленоид Ер магнит майдонидан 280 минг марта кучли магнит майдон ҳосил қила олади.