Москвада мигрант-қурувчилар етишмаяпти

Москвада қурувчи-муҳожирларнинг етишмаслиги муаммоси сақланиб қолмоқда. Бугунги кунда шаҳарда 200 мингга яқин хорижий ишчиларга эҳтиёж бор. Бу ҳақида пойтахт вице-мери Владимир Ефимов “Известия” га берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Умид қиламизки, яқин келажакда уларнинг мамлакатга киришига қўйилаётган чекловлар юмшатилади. Меҳнат ресурсларининг етишмаслиги иш берувчилар, биринчи навбатда қурувчи ташкилотлар, мигрантларни бир-биридан сотиб олишларига олиб келмоқда, бу эса уларнинг хизматлари нархини ошириб юборяпти”, – деди у.

“Агар биз пандемиядан олдинги давр ҳақида гапирадиган бўлсак, бир неча йиллардан буён Москвада уй-жой нархи деярли ошмаган”, – таъкидлади Владимир Ефимов. “Пандемия шароитида эса уй-жой нархи ўсди”.

“Энди нархларнинг кўтарилишини тўхтаб бўлмайди. Биринчидан, Москва учун имтиёзли ипотека кредити дастури ниҳоясига етди. Иккинчидан, доимо сотиб олиш қобилиятининг маълум чегараси бор, у тугаганда, турғунлик даври бошланади”, – деди Владимир Ефимов.