Марказий Осиё учун иқлим миграцияси билан боғлиқ муаммолар башорат қилинмоқда

Жаҳон Банки Граундсвелл ҳисоботида айтилишича, 2050 йилга келиб, миграциянинг тобора кучайиб бораётган омили бўлган иқлим ўзгариши дунёнинг олти минтақасидаги 216 миллион нафар одамни ўз мамлакатларининг бошқа минтақаларига кўчишга мажбур қилиши мумкин.

“Иқлим ўзгариши – ички миграциянинг кучли қўзғатувчиси ҳисобланади, чунки бу аҳоли даромад манбаларига таъсир қилади ва ундан энг кўп зарар кўрган ҳудудларда ҳаёт сифатини кескин ёмонлаштиради”, – дейилади ҳисоботда.

Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5,1 миллион нафаргача иқлим муҳожирлари пайдо бўлиши, улардан тахминан 2,4 миллион нафари Марказий Осиё аҳолиси бўлиши мумкин.

Фарғона водийси, Тошкент атрофидаги ҳудудлар, Тожикистон жанубидаги пасттекисликлар ва Қозоғистон шимолидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар бундай муҳожирлар оқими зонасига айланиши кутилмоқда. Мутахассислар бу тенденцияни Марказий Осиёнинг санаб ўтилган жойларида сув миқдори ва экинлар ҳосилдорлигида кутилаётган ўсиш билан боғламоқдалар.

Ҳисоботда айтилишича, иқлим миграциясини глобал чиқиндиларни камайтириш ва яшил, инклюзив ҳамда барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича келишилган ҳаракатлар орқали камайтириш мумкин.