Мамонтларни ҳаётга қайтаришмоқчи

Гарвард тиббиёт факультетининг генетика профессори Жорж Черч бошчилигидаги олимлар гуруҳи йўқ бўлиб кетган мамонт турини қайта тиклаш учун инвесторлардан 15 миллион доллар миқдорида сармоя қабул қилишди. Тадқиқотчилар мамонт ва фил гибридини лаборатория шароитда “яратишмоқчи”.

Мутахассислар мамонт ДНКли эмбрионларни, қизил китобга киритилган Осиё филларининг ДНКлари билан чатиштириб, уларни ҳаётга қайтаришмоқчи. Қадимги гигантнинг ДНКсини ҳаётга қайтариш учун олимлар мамонтларнинг геномларини ҳозирги филларнинг геномлари билан таққослайдилар.

Олимлар эмбрионларни суррогат онада ёки ҳатто, сунъий бачадонда ўстиришади. Муаллифлар бу лойиҳаларининг натижаларини олти йил ичида тақдим этишмоқчи.

Тахмин қилинишича, тажриба натижасида совуққа чидамли ва мамонт каби кўринишга ва хулқ-атворга эга фил “пайдо бўлиши” керак. Муаллифлар бу жонзотни “мамонт кўнишли совуққа чидамли фил” деб таърифлашмоқчи.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, йўқ бўлиб кетган турларнинг қайта тирилиши Ер экотизимларини “ўзига келтириши” ва натижада глобал исишни секинлаштириши мумкин.