ЖССТ: Ҳавонинг ифлосланиши биз ўйлагандан кўра ёмонроқ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантиришича, ҳавонинг ифлосланиши олдиндан тахмин қилинганидан ҳам хавфлироқдир.

Ташкилот маълумотларига кўра, ҳар йили етти миллион одам ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ касалликлардан бевақт вафот этади.

Камроқ ва ўрта даромадли мамлакатлар иқтисоди қазиб олинадиган ёқилғига таянганлиги учун кўпроқ зарар кўради.

ЖССТ ҳаво ифлосланишини чекиш ва нотўғри овқатланиш билан бир қаторга қўймоқда.

Ташкилот ноябрь ойида бўлиб ўтадиган COP26 (БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси) саммити олдидан 194 аъзо давлатларни чиқиндиларни камайтиришга ва иқлим ўзгаришига қарши чоралар кўришга ундамоқда.

Юрак ва ўпка касалликлари билан оғрийдиган одамларга, айниқса, ҳавонинг ифлосланиши жиддий зарар етказмоқда. Муаммо шундаки, ўпкага тўғридан-тўғри кириб борадиган майда заррачаларни тўхтатиш жуда қийин.

Ҳавонинг ифлосланиши юрак хасталиги ва инсульт каби ҳолатларга олиб келмоқда. Болаларда у ўпканинг ўсишини секинлаштиради ва астманинг кучайишига сабаб бўлиши мумкин.