Жефф Безос атроф-муҳит муҳофазаси учун 1 миллиард доллар ажратди

Дунёнинг энг бой одами Жефф Безос ер ва денгизларни муҳофаза қилиш учун 1 миллиард доллар хайрия қилди. Унинг ташаббуси “Биохилма-хиллик ва углерод захиралари учун муҳим бўлган жойлар”га қаратилган.

Безос Ер жамғармаси глобал иқлим инқирози билан курашаётган фаоллар, олимлар ва бошқа гуруҳларга ҳар йили 1 миллиард долларга яқин маблағ ажратишни ваъда қилди. Жамғарма қуруқлик ва денгизнинг 30 фоизини ҳимоя қилиш мақсадида 2030 йилгача 10 миллиард доллар сарфлашни режалаштирган.

Безос ташаббуси Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, АҚШ президентининг иқлим бўйича махсус элчиси Жон Керри ва БМТ бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад томонидан қўллаб-қувватланди.

Шу ой бошида жамғарма ўтган йили 16 ташкилотга 791 миллион доллар грант ажратганидан сўнг, йил охиригача атроф-муҳит ҳимояси учун ҳаракат қилаётган ташкилотларга 203,7 миллион доллар хайрия қилишини айтди.

Жефф Безоснинг умумий бойлиги 196,2 миллиард долларга баҳоланмоқда.