Жанубий Корея разведкасининг собиқ бошлиғи 9 йилга озодликдан маҳрум этилди

Сеул олий суди Корея Республикаси Миллий разведка хизматининг собиқ директори Вон Се Хунни “сиёсий жараёнларга аралашув” айбловини қайта кўриб чиқиш чоғида тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақида жума куни Йонҳап агентлиги Сеул судига таяниб хабар берди.

“Вон Се Хуннинг хатти-ҳаракатлари мавжуд миллий хавфсизлик мақсадларига мос келмайди ва конституцияда назарда тутилган бетарафлик тамойилини бузадиган сиёсий фаолиятга аралашишдир”, – дейилади агентликнинг Олий судга таяниб берган хабарида.

Сеул апелляция суди Вон Се Хунни мамлакат бюджетига 9,3 миллион доллар миқдорида зарар етказиш, разведка хизматлари мақоми тўғрисидаги қонунни бузиш ва ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш бўйича 13 та ҳолатларда айблаб, 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Шунингдек, суд собиқ разведка бошлиғини фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан етти йилга маҳрум қилди.

Вон Се Хун 2009 йилдан 2013 йилгача Миллий разведка хизмати директори бўлган. 2014 йилда у разведка хизмати тўғрисидаги қонунни бузган ҳолда сиёсий жараёнларга аралашгани учун шартли жазо олган. 2015 йилда у уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ ҳукм бир неча бор қайта кўриб чиқилган. 2020 йил февраль ойида Жанубий Корея суди разведка собиқ бошлиғини етти йилга озодликдан маҳрум қилган эди.