Инсон эволюцияси давом этмоқда

Аделаида университети олимлари қизиқарли кашфиёт қилишди. Инсон танасининг эволюцияси ҳали тугамаган, у бизнинг кўзимиз олдида давом этмоқда. Бунинг белгиларидан бири – илгари “ортиқча” деб ҳисобланган ва ҳатто ҳомила бачадонда пайтида йўқолиб кетган билакдаги ўрта артериянинг сақланиб қолишидир.

Ўрта артериянинг инсон танасидаги функцияси сирлигича қолмоқда, олимлар ҳали ҳам унинг мақсади ҳақида баҳслашмоқда. Лекин ушбу томир қўллардаги қонни янада самарали айлантира оладиган қўшимча восита бўлиб, уларнинг тезроқ ривожланишига ёрдам беради деб ишонилади. Ҳомилада бу функцияларни радиал ва улнар артерияларга ўтказган ўрта артериянинг ўзи нобуд бўлади. Аммо, ўрта артерия катталарда сақланиб қолаётган ҳолатлар кўп учраб турибди.

Олимларнинг таъкидлашларича, артерия томирининг ўзи эмас, балки унинг сақланиб қолиш статистикаси эътиборни тортмоқда. 1880 йилларда туғилган одамларда ўтказилган кузатувларнинг натижаларига кўра, ушбу томирнинг сақланиб қолиши фақат 10 фоиз ҳоллардагина содир бўлган. Бир аср ўтгач, бу кўрсаткич уч бараварга кўпайди. 20 асрнинг охирида туғилганларда артерия 30 фоиз ҳолларда сақланиб қолган. Австралиялик олимлар тадқиқот натижаларини ошкор этдилар. Унга кўра, ҳар учинчи европалик аҳолида йирик ҳажмдаги, қонни тана бўйлаб жуда яхши айлантириб бера оладиган ўрта артериялар борлиги тасдиқланди.

Бундай ҳолатлар сонининг кўпайиши эволюцион ривожланишнинг яққол белгисидир. Агар бу тенденция давом этса, 2100 йилга келиб ўрта артерия деярли барча одамларнинг доимий ҳамроҳига айланади.