Google сунъий интеллектга яна бир “ҳунар” ўргатди

Google ўз блогида Brain Team жамоаси мутахассислари тадқиқоти натижаларини эълон қилди. Мақолада тадқиқотчилар сифатини йўқотмасдан тасвирларни катталаштиришнинг янги ютуқлари ҳақида маълумот беришган.

Google Brain Team жамоаси паст ўлчамли фотосуратларни сифат жиҳатидан деярли йўқотишларсиз юқори аниқликдаги тасвирларга айлантириш мақсадида сунъий онг учун махсус “дарс-модели”ни яратди. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу йўналишнинг ривожланиши турли хил мақсадларда – эски оилавий фотосуратларни тиклаш ва катталаштиришдан тортиб тиббий тасвир сифатини мукаммаллаштиришгача ишлатилиши мумкин.

Янгича хизмат SR3 деб номланди. SR3 портрет ва табиат суратларининг ўлчамини катталаштиришда энг яхши натижа қайд этиши аниқланди. Алгоритм реалистик тасвирларга эришиш имконини беради, шу билан бирга расмларнинг пикселлар сонини ўн олти мартагача оширади.

Google маълумотларига кўра, хизмат ёрдамида ўлчамлари 32×32 пикселли тасвирнинг сифатини йўқотмасдан 256×256 пикселгача, яъни саккиз марта катталаштириш мумкин. Ўлчами 64×64 пикселли расмни эса 1024×1024 пикселли ўлчамда 16 марта катталаштириш имкони бор.

Якуний натижалар, кичик камчиликларга қарамай, кўпчилик фойдаланувчилар томонидан асл тасвирлар сифатида қабул қилинмоқда.