Google Афғонистон расмийларнинг почталарини “қулфлаб қўйди”

Google, Толибон мамлакатда АҚШнинг муваффақиятсизликка учраган маъмурияти билан ишлаган собиқ амалдорларнинг шахсини аниқлашига тўсқинлик қилиш мақсадида, Афғонистон ҳукумати расмийларидан баъзиларининг электрон почта қутиларини вақтинча ёпиб қўйди.

Ўтган ой Афғонистон ҳукумати Толибонга енгилганидан сўнг, фундаменталистлар йигирма йилга яқин вақт давомидаги расмий ҳужжатларни қўлга киритиш имкониятидан фойдаланиб, Кобул ҳукумати, шунингдек Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган бошқа институтлар билан бирга ишлаганларни аниқлаш ва улардан қасос олиши борасидаги хавотирлар кучайди.

Афғонистон ҳукумати собиқ ходимларидан бирининг Рейтерс агентлигига айтишича, Толибон ундан илгари ишлаган вазирликка тегишли серверлардаги маълумотларни сақлаб қолишни сўраган.

Рейтерс маълумотларига кўра, Афғонистоннинг йигирмага яқин ҳукумат идоралари – молия ва саноат вазирликлари, шунингдек, президент девонхонаси Google дан расмий электрон почта хизмати сифатида фойдаланган. Бошқа идоралар, жумладан, ташқи ишлар вазирлиги ва президент идорасининг ўзи, Microsoft электрон почта дастуридан фойдаланган.