Financial Times: Ўзбекистонда озиқ-овқат сектори жадал ривожланмоқда

Ўзбекистонда супермаркетлар сектори тез ўсмоқда. 34 миллион аҳолига эга Марказий Осиёдаги энг йирик озиқ-овқат бозори яқин йиллар ичида анъанавий шарқ бозорларидан онлайн етказиб бериш тизимига ўтиши кутилмоқда. Аллақачон бу соҳага ўн миллионлаб долларлик хорижий сармоялар жалб қилинган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки йирик супермаркетлар тармоғидан бири бўлган Корзинканинг 40 миллион долларлик улушини сотиб олди ва француз озиқ-овқат дўкони Carrefour ўтган йили 100 миллион долларлик сармоя билан бозорга кирган биринчи халқаро чакана сотувчи бўлди.

Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган бошқа халқаро чакана сотувчилар қаторига Россиянинг FixPrice ва Беларуснинг Барака Маркет савдо тармоқларини киритиш мумкин. Улар йил охиригача бутун мамлакат бўйлаб 400 та кичик супермаркетлар очмоқчи. Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент бўлганидан буён Ўзбекистон ўз иқтисодиётини ислоҳ қилиб, унинг чет эл ишбилармонлари учун жозибадорлигини оширди. Расмийлар ва чакана савдо ходимларининг айтишича, сўнгги пайтларда чакана савдо кенгайишининг асосий сабаби ушбу соҳадаги давлат иштириконинг камлигидир.

Молия вазири Тимур Ишметов “Бугунги кунда энг катта ютуқлардан бири озиқ-овқат чакана савдосидир” деди. “Соҳанинг тез суръатлар билан ривожланишининг сабаби шундаки, у давлат иштироки бўлмаган саноқли тармоқлардан биридир. . . ҳукумат дўконлар ва ресторанларга эгалик қилмаяпти, шунинг учун улар катта тезликда олдинга силжишлари кўзга ташланмоқда”.

Мамлакат супермаркетлари айланмасининг ярмини ташкил этувчи Корзинка тармоғи 2025 йилга келиб ўз дўконлари сонини 68 тадан 150 тагача кенгайтирмоқчи. Carrefour учта дўкон очди, фақат шу йилнинг ўзида яна тўрт ёки олтита нуқта очишни режалаштирган. Дўконлар сони бўйича Ўзбекистоннинг ҳозирги етакчиси Макро 109 та супермаркет ва экспресс-дўконларга эгалик қилади. Унинг ижрочи директори Роман Сайфулиннинг сўзларига кўра, Макро яқин беш йилда 800 тадан 1000 тагача дўконлар очишни режалаштирган.

Ўзбек истеъмолчилари, Марказий Осиёнинг қолган истеъмолчилари каби, одатдагидек бозорларда савдо қилишни афзал кўришган. Бозорларда нафақат янги маҳсулот етказиб бериш, балки сотувчилар билан нархлар бўйича савдолашиш имконияти ҳам бўлган. “Аммо, пандемия мамлакатда электрон тижоратнинг ўсишини тезлаштирди”, – дейди Корзинка раҳбари Зафар Хошимов. Онлайн савдо ўсишда давом этмоқда. Сайфулиннинг тан олишича, дўконлар ҳали ҳам янги мева-сабзавот сотиш бўйича мусобақаларда бозорлардан ортда қолмоқда. “Супермаркет бизнеси спринт эмас. Бу марафон”, – дея қўшимча қилди Сайфулин.