Фармацевтика тармоғидаги лойиҳалар кўриб чиқилди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябрь куни фармацевтика тармоғида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Юртимизда фармацевтика бўйича катта имкониятлар бўла туриб, ундан тўла фойдаланилмас эди. Охирги йилларда бу тармоқ “драйвер”лардан бири сифатида белгиланиб, изчил ривожлантириб келинмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги фармонига мувофиқ, Нукус, Зомин, Косонсой, Сирдарё, Бойсун, Бўстонлиқ ва Паркентда фармацевтикага ихтисослашган эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган эди. Ўша йили 7 ноябрдаги фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тузилди. Доривор ўсимликлар етиштириш, уларни қайта ишлаш, инвестициялар жалб этиб, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун кенг шароитлар яратилди.

Буларнинг натижасида сўнгги беш йилда 71 та янги корхона ташкил этилиб, 2 минг 500 дан ортиқ турдаги дори воситалари, 241 турдаги тиббий буюмлар ва 78 турдаги тиббий техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 2 баробар ошди.

Лекин бу натижалар ҳали етарли эмас. Бугунги кунда маҳаллий корхоналар ички бозор талабини натурал ҳажмда 55 фоизга таъминланмоқда, холос.

Келгуси беш йилда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробар ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган.

Тақдимотда ана шу лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.

Юртимиздаги корхоналарда 3 мингдан ортиқ номдаги дори воситалари ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, улар асосан бир компонентли, мураккаб бўлмаган дори воситаларидир.

Шу боис Президентимиз онкологик, гормонал, қон препаратлари, вакциналар каби инновацион биотехнологик дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берди.

Соғлиқни сақлаш тизими давлат харидлари орқали маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, халқаро стандартлар асосида тайёрланаётган маҳсулотларни сертификациялашни соддалаштириш муҳимлиги таъкидланди.  

Илм-фан ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантириш, замонавий билимларга эга малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳани янада ривожлантириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаш вазифаси қўйилди.