Facebook қора танлилар видеосига “приматлар” белгиси қўйилгани учун узр сўради

Яқинда қора танлилар тасвирланган Британия нашридаги видеони томоша қилган Facebook фойдаланувчилари ижтимоий тармоқда “Приматлар ҳақидаги видеоларни кўришни давом эттирмоқчимисиз” мазмунидаги автоматлаштирилган хабарга гувоҳ бўлишди. Бу эса Facebook ни, ушбу хабарни чиқаришга сабаб бўлган сунъий интеллект функциясини текширишига ва ўчиришига олиб келди.

Facebook бундай “қабул қилиб бўлмайдиган хато” учун кечирим сўради ва “у қайта такрорланмаслиги учун” ижтимоий тармоқнинг тавсиявий функцияларини кўриб чиқаётганини айтди.

2020 йил 27 июнда олинган видео The Daily Mail томонидан эълон қилинган ва унда оқ танли фуқаролар ҳамда полициячилар билан жанжаллашаётган қора танли одамларнинг тасвирлари акс этган эди. Видеонинг маймунлар ёки приматлар билан бирорта боғлиқлик жиҳати бўлмаган.

Google, Amazon ва бошқа технологик компаниялар йиллар давомида сунъий интеллект тизимларида, айниқса, ирқий муаммолар туфайли қаттиқ текширувларга душ келишган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, юзни таниб олиш технологияси қора танли одамларга нисбатан ноаниқ бўлиб, тизим уларнинг юзларини таниб олишда қийналади. Бу эса қора танлилар камситилишига ёки компьютер хатоси туфайли ҳибсга олинишига сабаб бўлади.

2015 йилда Google Photos хизмати қора танли одамларнинг суратларига “гориллалар” деб белги қўйиб қўйганди. Бунинг учун Google “чиндан ҳам афсусдалигини” айтиб узр сўраган ва муаммони дарҳол ҳал қилишга киришган.