Дунёдаги энг катта ва энг кучли шамол турбинаси қурила бошланди

Хитойнинг MinYang Smart Energy компанияси дунёдаги энг катта денгиз шамол турбинаси яратилишини эълон қилди. MySE 16.0-242 моделидаги шамол станцияси худди шу турдаги MySE 11.0-203 шартли рақамли бошқа бир шамол турбинасининг вориси ҳисобланади. Янги қурилаётган турбинанинг диаметри аввалгисига қараганда 19 фоизга каттароқ ва 45 фоизга самаралироқ ҳамда бугунги кунда дунёдаги энг қудратли шамол электростанцияси ҳисобланади.

Қўшма Штатларда замонавий шароитда шамолдан энергия ишлаб чиқариш барча бошқа муқобилларидан кўра энг қиммат эканлиги ҳисоблаб чиқилди. Шамолдан қувват ҳосил қилишнинг бир мегаватт-соатининг нархи 120,52 долларга баҳоланмоқда. Кўмир учун бу кўрсаткич 72,78 доллар, қуёш панелларидан энергия ҳосил қилиш эса атиги 32,78 долларга тўғри келмоқда. Нархнинг юқорилиги саноатнинг ушбу йўналишининг ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Лекин, ечим анча илгари топилган – шунчаки каттароқ турбиналарни қуриш керак. Турбинанинг парраклари узунлиги қанчалик катта бўлса, улар шунчалик самарали бўлади.

Шуни инобатга олган ҳолда, MinYang Smart Energy муҳандислари узунлиги 118 метрли парраклар ўрнатилган 242 метр баландликдаги турбина қуришни лойиҳалаштирдилар. Улар айланаётганда ҳосил қилинган майдон ҳажми 46000 квадрат метрни ташкил қилиб, бу олтита футбол майдони катталигига тенгдир. Гигант турбина 16 МВт қувватга эга бўлади ва у йилига 80 ГВт соатгача энергия ишлаб чиқариш имкониятини беради.