Дунёдаги энг катта дарахт “чойшаб”га ўраб қўйилди

Калифорниянинг “Секвойя” миллий паркида дунёнинг энг улкан дарахтлари ҳисобланган секвоялар ўсади. Бир неча кун аввал парк маъмурияти уларни ёнғиндан асраш учун ўзига хос алюмин “чойшаб”лар билан ўраб қўйди.

 “Секвоя” парки яқинларида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган ёнғин штатнинг табиат оламига ҳам жиддий зарар етказмоқда. Расмийлар паркдаги ноёб дарахтларнинг, шунингдек дунёдаги энг улкан дарахт ҳисобланган “Генерал Шерман” номли секвоянинг ҳам нобуд бўлишидан хавфсирашмоқда.

 “Генерал Шерман”нинг бўйи 83 метр бўлиб, ёши тахминан 2300-2700 йилдир.

Миллий паркда 2000га яқин секвоялар бўлиб, ҳукумат уларни ёнғиндан асраб қолиш учун 350 нафар ўт ўчирувчиларни, вертолет ва учоқларни ҳам жалб қилган.

Бу йилги жазирама иссиқ ва қурғоқчилик туфайли юзага келган ўрмон ёнғинлари оқибатида Калифорнияда 2,2 миллион акрдан ошиқ ердаги ўсимлик ва ҳайвонлар нобуд бўлган.