Дисплейлар учун “абадий” экран ишлаб чиқилди

LG компанияси смартфонлар экрани учун махсус букилмайдиган ва ғижим бўлмайдиган эгилувчан материал ишлаб чиқди. Бу ҳақда The Next Web нашри хабар қилади.

Хабарга кўра, компания муҳандислари жуда чидамли ва юқори даражада эгилувчан бўлган материални синтез қилишга муваффақ бўлганлар. Уни ишлаб чиқишда эса махсус юпқа полиэтилентерефталат пластик пленкадан фойдаланилган. LG нинг берган баёнотига кўра, мазкур материал смартфонларда ҳозирда ишлатилаётган дисплейлардан анча эгилувчан ва чидамлидир.

Янги дисплей 200 марта букилгандан кейин ҳам ғижимланмайди ва шаклини ўзгартирмайди.

LG янги материалдан тайёрланган дисплейларнинг илк намуналарини 2022-йили, тўлиқ ҳажмдаги ишлаб чиқаришни эса 2023-йилга мўлжаллаган.