COVID-19 га қарши эмлашда монелик қилувчи ҳолатлар нималардан иборат?

ССВ Матбуот хизмати ушбу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлим бошлиғи Дилором ТУРСУНОВАдан жавоб олди:

— Бутун дунёда коронавирус пандемиясига қарши энг самарали чора вакцинация экани сўзсиз тан олинган. Шунга қарамасдан, эмлаш жараёнларида хушёрликни йўқотмаслик, эмланувчилар вакцина олишдан аввал тегишли тиббий кўриклардан ўтишлари лозимлиги бот-бот такрорланмоқда.

Юртимиздаги эмлаш жараёнларида соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг тегишли тавсияларига асосан фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилиб, эмлашга монелик қилувчи ҳолатлар бўлганда тегишли чоралар кўрилмоқда:

Бундай ҳолатларга қуйидагилар киради:

 вакцинанинг компонентларига юқори сезгирлиги бўлган шахслар;

 анамнезида оғир аллергик реакциялари бўлган шахслар;

 ўткир юқумли ва юқумсиз хасталиклар билан касалланганлар;

 ҳомиладор ва эмизувчи аёллар (вакцинанинг ушбу контингентга хавфсизлиги тўғрисида маълумот етарли эмаслиги сабабли);

 18 ёшгача бўлган болалар;

 ОИВ инфекциясига чалинган шахслар (вакцинанинг ушбу контингентга хавфсизлиги тўғрисидаги маълумот етарли бўлмагани сабабли);

 коронавирус инфекциясининг ўткир шакли симптомлари бўлган беморлар;

 лабораторияда “COVID-19”га топширилган ПЗР текширув тести мусбат натижа берган шахслар.

COVID-19 инфекциясини юқтирган киши билан алоқада бўлган одам тиббиёт муассасасида даволанаётган бўлса, тузалгандан кейин 3 ойдан сўнг эмланиши мақсадга мувофиқ.

Эмлашга бўлган барча турдаги монеликлар эмлаш пунктларида рўйхатга олинади.